«Гендер тенглик фаоли» миллий танловини ташкил этиш ва
ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
- Ушбу Низом «Гендер тенглик фаоли» номли миллий танловни (кейинги ўринларда танлов деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
- Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси танлов ташкилотчилари ҳисобланади.
- Танловда вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан гендер тенглик таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишларга тегишли баҳо берилади.
2-боб. Танловнинг мақсади
- Танловни ўтказишдан кўзланган мақсад қуйидагилардан иборат:
ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сиёсатни шакллантириш;
ташкилотлар фаолиятига гендер ёндашувларни жорий этиш;
гендер тенгликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш, турли тузилмалар фаолиятига гендер тенгликни сингдириш;
гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ташкилотларнинг илғор тажрибасини аниқлаш, умумлаштириш ва тарғиб қилиш;
хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш.
3-боб. Танловни ўтказиш бўйича комиссиялар вазифалари
- Танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб юритилади) таркиби Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланади.
- Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси танловнинг ишчи органи (кейинги ўринларда Ишчи орган деб юритилади) ҳисобланади.
- Ҳудудий танловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Маҳаллий комиссия (кейинги ўринларда маҳаллий комиссия деб юритилади) Ишчи орган томонидан тасдиқланади. Бунда илмий муассасалар, олий таълим муассасалари, жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг малакали мутахассислари ва вакилларини жалб этилиши шарт.
- Ишчи орган томонидан танловга оид барча ҳужжатлар тўпланади ва Республика ва Маҳаллий комиссияларига тақдим этилади.
- Республика ва Маҳаллий комиссия комиссиялар қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни ташкил этади;
танлов иштирокчиларидан ҳужжатларни талаб қилиб олади, зарур ҳолларда улардан қўшимча маълумотлар олиши мумкин;
тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларни танлов асосида жойига бориб ўрганади;
танлов якунларини сарҳисоб қилиш ва ғолибларни аниқлашда ўз овози билан иштирок этади;
танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларининг, танлов якунларининг оммавий ахборот воситаларида, расмий веб-сайтларда ёритилишини таъминлайди;
танлов бошлангунига қадар бир ой давомида кўрик-танлов талаблари ва қоидалари юзасидан кенг тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боради.
- Республика ва Маҳаллий комиссиялар танлов жараёнида қуйидагиларга масъул бўлади:
танлов ҳужжатларига оид маълумотларни ошкор этмаслик;
танлов иштирокчиларини баҳолашда адолатлилик, шаффофлик мезонларига риоя қилиш.
4-боб. Танловнинг иштирокчилари
- Танловда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида юқори натижаларга эришган, ушбу йўналишда жамият ривожи йўлида ташаббус кўрсатаётган, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўз соҳасига тегишли йўналишларда долзарб вазифаларни амалга ошираётган вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари (кейинги ўринларда иштирокчилар деб юритилади) қатнашади.
Танловда иштирокчилар якка ёки жамоавий тартибда иштирок этишлари мумкин.
- Танловда иштирок этмоқчи бўлган ташкилот ва фуқаролар танлов ҳақида эълон қилинган кундан эътиборан 20 кун мобайнида ариза тақдим этадилар.
- Танловда иштирок этиш истагини билдирган ташкилот ва фуқаролар қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:
иштирокчи ёки иштирокчи номидан ариза;
фаолиятининг эркин тарздаги таърифи;
газета ёки журналдаги мақолалар, видео ёки аудиоёзувлар, 15х20 см ўлчамдаги фотосуратлар;
ўз ташкилоти номидан қатнашиш ваколати берилган маълумотнома ёки хизмат гувоҳномаси нусхаси.
5-боб. Танлов номинациялари
- Танлов қуйидаги асосий номинациялар бўйича ўтказилади:
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) давлат органи (ташкилоти)»;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат органи (ташкилоти)»;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи (ташкилоти)»;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) ҳокимлиги»;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ҳокимлик»;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ»;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти».
- Қўшимча номинациялар:
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши TВ-дастур»;
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал»;
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши нашр».
6-боб. Танлов босқичлари ва ўтказиш муддатлари
- Танлов ҳар йили 1 июндан 30 декабрга қадар номинациялардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади.
- Танлов қуйидаги босқичдан иборат:
а) «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) давлат органи (ташкилоти)» номинацияси бўйича танлов қуйидаги уч босқичда ўтказилади:
биринчи босқичда — давлат органи (ташкилоти)нинг ҳар бир туман (шаҳар)да фаолият юритаётган тузилмалари ўртасида;
иккинчи босқич — биринчи босқичдан ўтган ғолиблар ўртасида;
учинчи босқичда иккинчи босқич ғолиблари ўртасида республиканинг барча ҳудудлари ўртасида ўтказилади. Мазкур босқичда ҳар бир ҳудуддан 1 тадан иштирокчи қатнашади.
б) «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат органи (ташкилоти)» номинацияси бўйича танлов икки босқичда ўтказилади:
биринчи босқич — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган барча давлат органи (ташкилоти)нинг тузилмалари ўртасида;
иккинчи босқич — биринчи босқичдан ўтган ғолиблар ўртасида. Мазкур босқичда ҳар бир ҳудуддан 1 тадан иштирокчи қатнашади.
в) «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи (ташкилоти)» номиниацияси бўйича танлов бир босқичдан иборат бўлиб, давлат органи (ташкилоти)нинг Марказий аппаратлари ўртасида ўтказилади.
Устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлардан фақат 1 тадан иштирокчи Республика комиссиясига мурожаат этган ҳолда иштирок этади.
г) «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) ҳокимлиги» номинацияси бўйича танлов иккита босқичда:
биринчи босқич — ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) таркибидаги туманлар (шаҳар) ҳокимликлари ўртасида;
иккинчи босқич — биринчи босқич ғолиблари ўртасида бўлиб ўтади.
д) «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ҳокимлик» номинацияси бўйича танлов 1 та босқичда бўлиб, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ўртасида ўтказилади.
е) «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ», «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти» ва қўшимча номинациялар 1 та босқичда ўтказилади ва улар Республика комиссиясига мурожаат этган ҳолда танловда иштирок этади.
7-боб. Танлов иштирокчилари фаолиятини баҳолаш
- Ҳар бир номинация бўйича I, II ва III ўрин ғолиблари аниқланади.
- Комиссиялар танловга берилган аризалар ва иштирокчилар томонидан тақдим этилган материалларни қуйидаги асосий мезонларга кўра баҳолайди:
долзарблик;
инновациялардан фойдаланиш;
оригиналлик (бетакрорлик);
профессионал маҳорат;
зарурийлик;
жамоатчилик ва ОАВ томонидан билдирилган муносабат.
- Номинациялар бўйича ғолибларни аниқлашда қуйидаги талаблар инобатга олинади:
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) давлат органи (ташкилоти)», «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат органи (ташкилоти)» ва «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи (ташкилоти)» номинациясида Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган барча вазирлик ва идоралар ихтиёрий тарзда қатнашадилар.
Бунда ташкилотлар ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) ҳокимлиги» ва «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ҳокимлик» номинациясида вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ихтиёрий тарзда иштирок этади.
Бунда танловда иштирок этаётган ҳокимликлар фаолияти ушбу Низомнинг 2-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ» номинациясида Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган барча нодавлат нотижорат ташкилотлари ихтиёрий тарзда қатнашиши мумкин.
Бунда танловда иштирок этаётган ННТлар фаолияти ушбу Низомнинг 3-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти» номинациясида Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган барча тадбиркорлик субъектлари ихтиёрий тарзда қатнашишлари мумкин.
Бунда танловда иштирок этаётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти ушбу Низомнинг 4-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши TВ-дастур» номинациясида гендер стереотипларни бартараф қилиш ва гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган телевизион дастурлар муаллифлари ижодий ишлари билан иштирок этадилар.
Бунда танловда ТВ-дастурлар ушбу Низомнинг 5-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал» номинациясида гендер стереотипларни бартараф қилиш, гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернет сайтлари ёки портал яратган муаллифлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этадилар.
Бунда танловда Интернетдаги веб-сайт ёки портал фаолияти ушбу Низомнинг 6-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши босма нашр» номинациясида гендер стереотипларни бартараф қилиш ва гендер тенглик таъминланишини тарғиб қилишга қаратилган босма нашрлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этади.
Бунда танловда иштирок этаётган мақолалар ушбу Низомнинг 7-иловасида келтирилган талаблар бўйича баҳоланади.
- Танловни баҳолаш юзасидан тегишли Республика ва Маҳаллий Комиссиялар қарорлари баённома билан расмийлаштирилади.
- Танлов натижаларидан норози бўлган иштирокчилар танлов натижалари ўқиб эшиттирилган кундан бошлаб 1 кун давомида тегишлилигига кўра Республика ва Маҳаллий Комиссияларга апелляция бериш ҳуқуқига эга.
- Апелляция 1 кунлик муддатда кўриб чиқилиб, қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
шикоятни қаноатлантиришни рад этиб, қарорни ўзгаришсиз қолдириш;
шикоятни қаноатлантириб, қарорни қисман ёки бутунлай бекор қилиб, янги қарор қабул қилиш. Бу хусусда иштирокчига маълум қилинади.
8-боб. Танлов ғолиблари ва иштирокчиларини тақдирлаш
- Танловнинг ҳар бир босқичида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ҳар бир номинация бўйича унвон, фахрий диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.
- Танловда мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона ва ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ўз ташаббусларига кўра махсус мукофотларни таъсис этишлари мумкин.
9-боб. Танловни молиялаштириш
- Танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича барча харажатлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари, ҳомий ташкилотларнинг маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
- Танловни ташкил этиш, уни ўтказиш учун ҳомийлик қилишда вазирлик, идора ва ташкилотлар, корхоналар ва жисмоний шахслар, шунингдек, халқаро ташкилотлар иштирок этиши мумкин.
- Танлов ташкилотчилари тақдим этилган материаллардан ўз мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиб, уларни оммавий ахборот воситаларида, китобларда, телевидение ва радиода, Интернет тармоғида жойлаштиришлари мумкин.
- Танловга йўлланган материаллар қайтарилмайди ва улар бўйича тақриз берилмайди.
- Форс-мажор сабаблар туфайли танловга тақдим этилган ҳужжатлар йўқолганда бу материаллар танловга қабул қилинмаган ҳисобланади.
10-боб. Танлов Низомини ўзгартириш
- Ушбу Низомга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарори билан киритилади.
«Гендер тенглик фаоли» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга
1-ИЛОВА
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) давлат органи (ташкилоти)», «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат органи (ташкилоти)» ва «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи (ташкилоти)» номинацияси бўйича иштирокчиларни баҳолашга доир талаблар
Мазкур номинация бўйича иштирокчилар қуйидаги талаблар асосида баҳоланади:
- Ташкилотда Маслаҳат-кенгашининг фаолияти йўлга қўйилганлиги;
- Ташкилотда амалга оширилган ишларнинг, лойиҳаларнинг ижтимоий аҳамияти, ўзига хослиги (оригиналлиги);
- Ишга қабул қилишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратилганлиги;
- Хотин-қизлар ва эркакларнинг соғлиғини сақлашни таъминлайдиган, хавфсиз меҳнат шароитлари яратилганлигини;
- Ташкилот расмий веб-сайтида гендер тенглик саҳифасининг мавжудлиги ва материаллар билан янгиланиб борилиши;
- Ташкилот томонидан гендер тенглик бўйича ўтказилган маҳаллий ва халқаро анжуманлар;
- Ташкилотда гендер тенглик билан боғлиқ статистик маълумотлар ва инфографикаларнинг мавжудлиги;
- Ходимлар касбий маҳоратларини ошириб боришлари учун яратилган шарт-шароитлар;
- Ташкилотнинг ўз йўналишидан келиб чиқиб, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширган ишлари;
- Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар ва эркакларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар.
«Гендер тенглик фаоли» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга
2-ИЛОВА
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) ҳокимлиги» ва «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ҳокимлик» номинацияси бўйича иштирокчиларни баҳолашга доир талаблар
Мазкур номинация бўйича иштирокчилар қуйидаги талаблар асосида баҳоланади:
- Ҳокимлик тизимидаги раҳбар ва ходимлар сонига нисбатан гендер тенглик таъминланганлиги;
- Вилоят, туман ва шаҳар миқёсида раҳбарлик лавозимида ишлаётган хотин-қизлар кўрсаткичи фоизи;
- Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларнинг таъминланиши ваколатли шахс зиммасига юклатилганлиги;
- Хотин-қизларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаганлиги ва уларга моддий ёрдам кўрсатилганлиги (уй-жой ҳамда маиший техникалар билан таъминланиши);
- Хотин-қизлар ва эркаклар учун касбий қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда тенг имкониятлар яратилганлиги;
- Барча ташкилот ва идораларда ишга кириш ва ишдан бўшатишда гендер тенглик билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатларининг мавжуд эмаслиги;
- Жамоа шартномалари ва келишувларида, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқларининг таъминланганлик қоидалари акс эттирилганлиги;
- Гендер тенглик бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари;
- Ҳокимлик тизимларида маслаҳат кенгашлари фаолиятининг натижадорлиги.
«Гендер тенглик фаоли» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга
3-ИЛОВА
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ» номинацияси бўйича иштирокчиларни баҳолашга доир талаблар
Мазкур номинация бўйича иштирокчилар қуйидаги талаблар асосида баҳоланади:
- Аниқлиги: ННТ томонидан гендер тенглик тўғрисидаги масалани тушуниш даражаси;
- Ишончлилиги: танлов материалларида рақамлар, фактлар ва бошқа маълумотлар ҳақиқатга мос келиши керак (уларнинг Уставида гендер йўналиши мавжудми?);
- Мувофиқлиги: танлов материаллари мавзуси ва мазмуни муайян вазиятларни ҳар томонлама акс эттириши керак (ННТ гендер масалаларни ёритиш бўйича қанча тадбир ўтказди? Ўтказилган тадбирлар ҳақиқий муаммоларни қай даражада очиб беради ва улар муаммоларни ҳал қилиш йўлларини кўрсатадими?);
- Таҳлилий ёндашув: мамлакатдаги энг муҳим ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий воқеалар билан гендер тенгликнинг боғлиқлигини аниқлайдиган ва кўрсатиб берадиган танлов материаллари қўллаб-қувватланади;
- Қулайлик: танлов материаллари содда услубда, кишиларга тушунарли ва осон тилда тақдим этилиши керак;
- Самарадорлик: жамоатчилик эътиборини жалб қилган, муайян ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда хотин-қизлар ёки эркакларга миқдорий ва сифат жиҳатидан ёрдам берган, кўтарилган муаммоларни жамоатчилик томонидан муҳокама этишга кўмаклашган ва қарорлар қабул қилишга таъсир этган танлов материаллари мамнуният билан қабул қилинади;
- Ижодкорлик: гендер тенглик муаммоларини ҳал қилишга ностандарт ёндашиш (усул ва механизмлар) қўллаб-қувватланади;
- Тажриба: камида 5 йиллик иш тажрибаси;
- Қонунийлик: ННТнинг қонунчилик ташаббусларида иштирок этиши;
- Тарғибот: гендер тенглик тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини ошириш бўйича ўтказилган тарғибот.
«Гендер тенглик фаоли» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга
4-ИЛОВА
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик фаолияти субъекти» номинацияси бўйича иштирокчиларни баҳолашга доир талаблар
Мазкур номинация бўйича иштирокчилар қуйидаги талаблар асосида баҳоланади:
- Маслаҳат-кенгашининг фаолияти йўлга қўйилганлигини ўрганиш;
- Жамоа шартномалари ва келишувларида, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқларини тенг даражада таъминлайдиган қоидалар акс эттирилганлигини ўрганиш;
- Ишга қабул қилишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратилганлигини ўрганиш;
- Ташкилотнинг турли поғона (лавозим)ларида ишлаётган хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбатини ўрганиш;
- Хизмат бўйича кўтарилишда, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун танловда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилганлигини ҳамда уларни қайта тайёрлаш ва малака оширишда тенг имкониятлар яратилганлигини ўрганиш;
- Хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатига ҳақ тўлашда тенгсизлик мавжуд эмаслигини ҳамда улар ишининг сифатини баҳолашда тенг ёндашув яратилганлигини ўрганиш;
- Оилани ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича фарзандлари бор аёллар ва эркаклар фойдалана оладиган амалиётни жорий этиш ва ривожлантириш, ҳомиладор ҳамда эмизикли аёллар учун қулай меҳнат шароитлари яратилганлик ҳолатини ўрганиш;
- Хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳаёт фаолиятини ҳамда соғлиғини сақлашни таъминлайдиган хавфсиз меҳнат шароитлари яратилганлигини ўрганиш;
- Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мажбуриятлари ташкилот ва улар таркибий бўлинмаларининг ваколатли шахси зиммасига юклатилганлик ҳолатини ўрганиш.
«Гендер тенглик фаоли» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга
5-ИЛОВА
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши TВ-дастур» номинацияси бўйича иштирокчиларни баҳолашга доир талаблар
Мазкур номинация бўйича иштирокчилар қуйидаги талаблар асосида баҳоланади:
- Гендер тенглик ҳамда хотин-қизлар мавқеи соҳасида давлатимиз олдида турган вазифалар — янгиланишлар ва ижобий ўзгаришлар.
- Гендер муаммолар ёки сиёсат, иқтисодиёт ва бизнес, фан ва технологиялар, қишлоқ жойларни ривожлантириш, спорт ва бошқа мавзуга тегишли соҳалардаги жараёнлар (муаммолар)нинг гендер жиҳатлари тўғрисидаги ҳолатларнинг фоизи.
- Гендер зўравонликни шахсий фожиа эмас, балки ижтимоий муаммо сифатида кўрсатиш учун дастлабки маълумот ва статистикадан фойдаланиш.
- Гендер сабаб зўравонлик ҳодисасига бошқа ҳолатлардан фарқли ўлароқ бериладиган вақт улуши (прайм-тайм), макон ва аҳамият.
- Жамиятнинг таркиби, инсон тажрибаси, хатти-ҳаракатлари, қарашлари ва ташвишларини акс эттирган, хотин-қизлар ва эркакларнинг бўлиб ўтадиган ТВ кўрсатувлар мазмунида тенг тарзда иштирок этиши.
- ТВ мавзуда қонун чиқарувчилар, ҳукумат вакиллари, фаоллар, экспертларнинг гендер масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларининг акс этиши.
- ТВ мавзу, кўрсатув (ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича қонун, қарор ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган) орқали қўйилган мақсадларнинг жамиятга таъсирини баҳолаш, самарали натижаларга эришиш.
- Асосий устувор йўналишларни ёритиш амалиёти:
сиёсат, қарорлар қабул қилиш ва гендер тенглик;
хотин-қизлар ва эркакларнинг меҳнат ҳуқуқлари, ишсизлик ва тадбиркорликнинг гендер жиҳатлари;
гендер тенглик борасида эркаклар ва хотин-қизларнинг шахс сифатида етилиши ва ўз имкониятларини рўёбга чиқариш;
хотин-қизлар ва эркакларнинг репродуктив ҳуқуқлари;
гендер тенглик нуқтаи назаридан оила, жумладан оилавий зўравонлик;
замонавий маданиятдаги гендер стереотиплар.
- Гендер тенглик мавзусида онлайн сўровномалар ўтказиш.
«Гендер тенглик фаоли» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга
6-ИЛОВА
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал» номинацияси бўйича иштирокчиларни баҳолашга доир талаблар
Мазкур номинация бўйича иштирокчилар қуйидаги талаблар асосида баҳоланади:
- Гендер тенглик ҳамда хотин-қизлар мавқеи соҳасида давлатимиз олдида турган вазифалар — янгиланишлар ва ижобий ўзгаришларнинг материалларда акс этиши.
- Нашр этилган материалларда гендер мавзусининг кўтарилиши кўрсаткичлари.
- Интервью берган ёхуд таҳлилий материалларда ҳамда бўлиб ўтаётган ҳодисалар даврида ўз фикрини билдирган эркаклар ва аёллар нисбати.
- Гендер стереотипларни бартараф этишга қаратилган материаллар, жинсий белгилар бўйича камситилишлар.
- Мавзулар қамровининг кенглиги (мавзулар хилма-хиллиги — камситиш, муносиб иш ҳақи, хотин-қизларнинг уларни қабул қилиш даражасидаги иштироки, оиладаги зўравонлик ва бошқалар).
- Гендер муаммоси акс этган соҳалар хилма-хиллиги (қишлоқ хўжалиги, IT, тиббиёт, энергетика, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари).
- Қуйидаги муаммоларга оид воқеалар фоизи: шахсий ҳаётга дахл қилиш ва/ёки жинсий белгиларга кўра зўравонликка учраган шахсларни камситиш.
- Таҳлилий материалларнинг жамиятга таъсир этишини баҳолаш.
- Материалларда ҳаволаларнинг мавжудлиги, энг янги статистик маълумотлардан фойдалана олиш.
- Гендер тенглик мавзусида онлайн сўровномалар ўтказиш.
«Гендер тенглик фаоли» миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга
7-ИЛОВА
«Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши нашр» номинацияси бўйича иштирокчиларни баҳолашга доир талаблар
Мазкур номинация бўйича иштирокчилар қуйидаги талаблар асосида баҳоланади:
- Гендер тенглик ҳамда хотин-қизлар мавқеи соҳасида давлатимиз олдида турган вазифалар — янгиланишлар ва ижобий ўзгаришларнинг материалларда акс этиши.
- Нашр этилган материалларда гендер мавзусининг кўтарилиши кўрсаткичлари.
- Интервью берган ёхуд таҳлилий материалларда ҳамда бўлиб ўтаётган ҳодисалар даврида ўз фикрини билдирган эркаклар ва аёллар нисбати.
- Гендер стереотипларни бартараф этишга қаратилган материаллар, жинсий белгилар бўйича камситилишлар.
- Мавзулар қамровининг кенглиги (мавзулар хилма-хиллиги — камситиш, муносиб иш ҳақи, хотин-қизларнинг уларни қабул қилиш даражасидаги иштироки, оиладаги зўравонлик ва бошқалар).
- Гендер муаммоси акс этган соҳалар хилма-хиллиги (қишлоқ хўжалиги, IT, тиббиёт, энергетика, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари).
- Қуйидаги муаммоларга оид воқеалар фоизи: шахсий ҳаётга дахл қилиш ва/ёки жинсий белгиларга кўра зўравонликка учраган шахсларни камситиш.
- Таҳлилий материалларнинг жамиятга таъсир этишини баҳолаш.
- Материалларда ҳаволаларнинг мавжудлиги, энг янги статистик маълумотлардан фойдалана олиш.
- Ўз нашрларида гендер тенглик мавзусида сўровномалар ўтказиш.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 27 апрелдаги КҚ-340-IV-сонли Қарорига
3-ИЛОВА
«Гендер тенглик фаоли» миллий кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика комиссияси
ТАРКИБИ
1. |
Кадирханова Малика Акбаровна |
— |
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси, Комиссия раиси |
2. |
Эгамбердиева Нодира Мелибаевна |
— |
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг ўринбосари, Комиссия раиси ўринбосари |
3. |
Рахимова Нигина Хайруллаевна |
— |
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси аъзоси, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори |
4. |
Соатова Шаҳноза Мирзарахимовна |
— |
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири маслаҳатчиси |
5. |
Рихсиева Гулчехра Шовкатовна |
— |
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори |
6. |
Ширинова Мавлюдахон Расуловна |
— |
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси аъзоси, «Сабр» Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази директори |
7. |
Қобулова Диловар Насимовна |
— |
Фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳузуридаги ННТлар бирлашмаси раҳбари |
8. |
Исакова Гуллола Абдумаликовна |
— |
Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири маслаҳатчиси, Комиссия котиби |
Изоҳ: Комиссиянинг аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган шахслар киритилади.